
#тадбиркорга_маслахат
Ходимларнинг иш ҳақларини камайтирмоқчиман, лекин улар бунга рози эмас...
Тадбиркор янги фирма (МЧЖ) ташкил этди ва ҳали ишлаб чиқариш тўлиқ ишга тушмай туриб, 30 та иш ўрнини тўлдириб ташлади. Яъни, 30 нафар шахсни ишга қабул қилди. Қизиқ жойи, бунда тажрибасиз бухгалтернинг гапига кириб, штат жадвали бўйича ойлик маошларни 8 млн. сўмдан 15 млн. сўмгача қилиб белгилаган эди. Хориждан ускуналар келгунча 4 ой ўтди, бу орада буюртмасиз, сотувсиз ҳеч қандай тушум бўлмади. Натижада, устав фонди учун киритилган ва ойликдан ташқари, асосан, ишлаб чиқаришга сарфланиши режа қилинган маблағнинг аксар қисми иш ҳақи учун сарфлаб бўлинди.
Ҳали иш бошланмай туриб, аҳвол танг. Тадбиркор ҳалиги бухгалтерни бўшатиб, янгисини ишга олишга мажбур бўлди. Янги бухгалтер ходимларнинг ойлик маошларини 2 баробарга камайтиришни маслаҳат берди. Бухгалтернинг таклифига кўра, штат жадвали бўйича оклад миқдори камайтирилади ва ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши билан KPI тизими жорий қилинади ва ходимларнинг шахсий хиссасига қараб қўшимча тўловлар тўлаб борилади. Яхши ишлаган шунда 8-15 млн. сўм иш ҳақи олаверади.
Бироқ, ҳар бир ходимнинг ойлик иш ҳақи улар билан тузилган меҳнат шартномасида аниқ белгиланган ва ходимларнинг аксарияти иш ҳақи суммаларини камайтиришга рози бўлмаслиги мумкин. Ахир, иш ҳақини камайтириш учун ходимлар билан меҳнат шартномасига ўзгартириш киритиш ҳақида келишув тузилиши керак. Лекин ходимлар бу келишувга имзо қўймаслиги мумкин. Ким ҳам 10 млн. сўм ойлик олиб туриб, 5 млн.сўмга рози бўлади? Муаммоми, муаммо.
Шу вақтда тадбиркор ҳуқуқий ёрдам сўраб бизга мурожаат қилиб қолди. Ҳақиқатдан ҳам, ходимларнинг аксари бундай ўзгаришларга рози бўлмабди.
Биз бу масалада Меҳнат кодексининг 137 ва 247-моддаларига таяниб, муаммони ҳал қилса бўлади деб маслаҳат бердик. Яъни, аслида МК 247-моддасига кўра иш ҳақига оид шартларни ходим учун ноқулай томонга ходимнинг розилигисиз ўзгартириб бўлмаслиги кўрсатилган. Лекин шу қоиданинг давомига кўра, истисно сифатида технологияда, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишда ўзгаришлар юз берганда, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажми қисқарганда, мабодо аввалги иш ҳақи шартларини сақлаб қолиш мумкин бўлмаса, ходимнинг розилигисиз ҳам иш ҳақига оид шартларни ўзгартириш мумкин. Иш берувчининг бундай ҳуқуқи МКнинг 137-моддасида ҳам ўз аксини топган. Фақат иш ҳақига оид шартларни ноқулай томонга ўзгартиришдан олдин иш берувчи МКнинг 137-моддаси ва 247-моддасининг 3-қисмига асосан иш ҳақи миқдорларини камайтирилиши ҳақида ходимларни камида 2 ой ёзма равишда огоҳлантириши шарт бўлади.
Демак, биринчидан, тадбиркор, таъсисчи сифатида мавжуд молиявий ҳолатдан келиб чиқиб, штат жадвали бўйича иш ҳақи суммаларини камайтириш бўйича МЧЖ таъсисчисининг қарорини қабул қилиши керак. Мазкур қарор МК 137 ва 247-моддаларига асосан “меҳнатни ташкил этишдаги ўзгариш” факти вазифасини бажаради. Шундан сўнг, МЧЖнинг директори ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида ҳар бир ходимга иш ҳақи суммалари 2 ойдан сўнг камайтирилиши ҳақида огоҳлантириш хатлари беради. Албатта, иш берувчидаги нусхаларига ходимларнинг “қабул қилдим” деб ёзувларини ва шахсий имзоларини қўйдиради. Ундан кейин, яъни 2 ойдан сўнг янги (камайтирилган) иш ҳақи суммалари кўрсатилган янги штатлар жадвали тасдиқланади. Сўнгра, шу кунинг ўзида иш ҳақи суммаларини камайтириш ҳақида алоҳида буйруқ чиқарилади ва бу буйруқ ҳам ходимларга бирма-бир, имзосини қўйдирган ҳолда таништирилади. Энг асосийси, бунда ходимлардан розилик олиб ўтирилмайди. Буйруқ чиқаришда МКнинг 137 ва 247-моддасига асосланилади. Эътибор берсангиз, МК 137-модданинг номи “иш берувчининг меҳнат шартларини ходимнинг розилигисиз ўзгартириш ҳуқуқи” деб номланади.
Шундай қилиб, ҳалиги тадбиркор акамизнинг иши битиб кетди.